Click to listen highlighted text!

ХОДИМЛАР ФАОЛ БЎЛСА ИШЛАШ ҲАМ ОСОН

    Озод ва обод юртимизда қурилишлар, капитал таъмир ишлари ва янгиланишлар давом этмоқда. Яқинда Гулистон тумани марказий шифохонаси тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Шифохонада ички касалликлар, жаррохлик, жонлантириш, диагностика, физиотерапия, лаборатория каби бўлимлар беморларга хизмат қилади. Шифо масканининг талаб даражасида таъмирланганлиги, хоналарнинг ёруғ, шинамлиги, ҳар бир бўлимнинг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари  билан таъминланганлиги  диққатга сазовордир.

       180 ўринга мўлжалланган 3 қаватли бино капитал таъмири учун инвестиция дастурига асосан жами  2 млрд  342 млн сўм маблағ сарф этилди. Қурилиш ишлари билан биргаликда янги сув иншооти ўрнатилиб, шифохонанинг иссиқ ва совуқ сув таъминоти яхшиланди.

    -Шифо масканида жами 1431 нафар ходимлар меҳнат қилади,- дейди Гулистон тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси раиси Раҳматилла Эгамбердиев. Ишхонамизнинг янги биноси, қолаверса, керакли тиббий жиҳозларнинг янгиланганлиги ходимларимиз меҳнат фаолияти хавфсизлигини кафолатлаб, хизмат вазифалари сифатини оширишга хизмат қилишига ишонамиз. Бошланғич ташкилот аъзолари энг фаол меҳнат жамоаларидан. Етакчи ҳам шунга яраша жонкуяр. Шу ўринда ходимлар билан «тиллашиб» кетганлигига кўп йиллар бўлганлигини айтиб ўтиш зарур.

        -Қўмитанинг вазифаси ходиалрнинг ҳар бирини ижтимоий муҳофаза қилиш, меҳнат ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш, улар ўртасида маънавият тадбирлари ўтказиш, соғлом турмуш тарзини тарғибот қилишдан иборат, – дейди Раҳматилла Эгамбердиев. – Мисол учун, «Соғлом она ва бола йили» да муассасамизда кўп йиллар ишлаб кетган шифокор ва ҳамширалар ҳолидан хабар олинди, байрам тадбирлари уюштирилиб,  бир пиёла чой устида  фахрийларимиз ва ёш мутахассислар учрашуви ташкил этилди. Шу билан биргаликда Наврўз байрами арафасида, шунингдек, Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида  спорт тадбирлари ўтказдик ва бу мусобақаларда оилавий иштирок этишди. Ҳар йили  жамоамиз учун  юртимизнинг тарихий шаҳри – Самарқандга саёҳат уюштирамиз. Бу йил ҳам ходимларимиздан  58 нафари Самарқанд шаҳридаги қадамжоларда зиёратда бўлиб қайтишди.

        Ходимлар малакаси доимий равишда ошириб борилади. Бу йил 6 нафар шофокор малака ўқув дарсларини ўқиб келди.

        Шифо улашувчи ходимлар ҳам ўз вақтида саломатликларини тиклашлари зарур. 4 нафар ходим мамлакатимиз ҳудудидаги “Чимён”, “Чинобод” ва “Ботаника” сиҳатгоҳларда саломатликларини тиклаб қайтдилар. Касаба уюшмаси шу билан биргаликда фарзандлар саломатлиги ва ҳордиғи ҳақида ҳам ғамхўрлик қилиб “Турон”, “Чортоқ” оромгоҳларида 4 нафар, “Сирдарё оромгоҳида 25 нафар болажонларнинг мароқли  таътили ташкил этилди.

      -Ходимларимиз билан жам бўлиб ўтказиб келаётган маънавият соатларимиз жамоа бирлигини оширмоқда. Барча тўпланганда ўринли таклифлар оламиз. Ходимларимиз фаоллиги сабаб ҳам катта жамоа билан ишлаш оғири ҳеч билинмайди, -дейди қўмита раиси.

 

Озода МАМАДАЛИЕВА,

“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!