Click to listen highlighted text!

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ –ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

          Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганидан кейин ратификация этилган биринчи халқаро ҳужжат «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»дир. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки инсонни  улуғлаш, унинг ҳоҳиш-иродасини кафолатлаш, орзу-умидларини тўла рўёбга чиқаришни ўзининг бош мақсади қилиб белгилаган мустақил давлатимизнинг етакчи тамойилларини ана шу муҳим халқаро ҳужжатга мувофиқлаштириш назарда тутилган эди.

            Бош Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясини тайёрлаш ва қабул қилишда ушбу умуминсоний олий қадрият асос қилиб олинди. Шунинг учун ҳам Конституциямиз халқаро ҳамжамият томонидан умумбашарий инсонпарварлик  ва демократик мезонларга тўла жавоб берадиган ҳужжат сифатида якдиллик билан эътироф этилди.

            Сайланган президентимиз Шавкат Мирзиёев Асосий Қомусимизнинг 24 йиллигига бағишлаб ўтказилган байрам тадбиридаги маърузасида эътироф этганидек, Биринчи президентимиз И. Каримовнинг  саъй-ҳаракатлари билан Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати”  деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилди. Дарҳақиқат, Биринчи Президентимиз 1999 йил 7 декабрда сўзлаган нутқида Асосий Қонунимизнинг инсонпарварлик моҳияти  ҳақида: «Конституциямизнинг  халқаро  демократик  андоза ва талабларига жавоб бериши, унинг олдинги конституциялардан мутлақо фарқ қилиши, биз аввало, унда инсон ҳуқуқлари, уни ҳимоялашга каратилган барча кафолатлар алоҳида ўрин тутганини, асосий Қомусимиз инсон манфаатини давлат манфаатидан устун тутишини муҳрлаб қўйгани  ҳақида гапиришимиз керак», – деган  эди.

            Мустақил Республикамизда инсоннинг ҳуқуқий ҳолати тубдан ўзгариб бормоқда. Конституциямизнинг 19-моддасида бундай дейилган: «Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдир. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким  ҳақли эмас».

          Биламизки, ҳар бир мамлакатда инсон ҳуқуқларига ва асосий эркинликларига нечоғлик риоя этилаётганлигига қараб, шу мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётидаги обрўси ва унинг бошқа давлатлар билан муносабатлари белгиланади.

         Ўзбекистон ҳам давлат мустақиллигига эришган дастлабки кунларданоқ шахс, жамият ва давлат муносабатларини умуминсоний коидалар ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари асосида қадам қўйди.

         Ҳозирги пайтда БМТнинг инсон ҳуқуқлари борасида 80га яқин конвенциялар мавжуд. Уларнинг  Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясидан фарқи шундан иборатки, бу ҳужжатларда инсон ҳуқуқлари батафсил талқин қилинади ва уларни рўёбга чиқаришнинг давлат томонидан кафолатланиши мустаҳкамлаб қўйилган.  Ҳар қандай ҳолатларда ҳам  мустаҳкам инсон ҳуқуқларининг давлат томонидан чекланиши мумкин бўлмаган алоҳида туркумлари, яъни яшаш ҳуқуқи, қийноқларга йўл қўйилмаслиги, фикр ва эътиқод эркинлиги, судлов ҳимоясига бўлган ҳуқуқ ва бошқалар ажратиб кўрсатилган.

            Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидан кейин яна уч ҳужжат, яъни, 1966 йил 18-декабрдаги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт, 1966 йил 19 декабрдаги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактга факультатив протокол,  иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги 1966 йил 19 декабрдаги Халқаро пакт қабул қилинди. 1989 йилда эса иккинчи факультатив протокол қабул қилинди.

 Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги пактлар биргаликда давлатларнинг инсон ҳуқуқи соҳасидаги халқаро ҳамкорлигининг асосини ташқил қилади.

            Ўзбекистон Республикаси  мустақилликка эришган илк кунлардан халқаро ҳужжатларни тан олиб, уларга содиқ қолишини маълум қилди  ва 1992 йил 8-декабрда қабул қилинган Асосий Қонунимизда, нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки барча инсонларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари  ҳам мустаҳкамлаб қўйилди.

           Бу борада  юртимиз мустақиллигининг ўтган чорак асри давомида  инсон ҳуқуқи масалаларига оид 100дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинганлигини айтиб ўтиш жоиздир. Республика Президенти томонидан шу давр ичида инсон ҳуқуқи масалаларига бағишланган 60дан ортиқ Фармон  қабул қилинди.

          Ушбу қонунлар ва Фармонлар ижроси юзасидан жамоатчилик назоратига катта аҳамият қаратилган.

            Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларация қабул қилинган кун Халқаро инсон ҳуқуқлари куни” сифатида тарихга кирди. Бутун тараққийпарвар инсоният ушбу 10 декабрни ҳар йили умумжаҳон байрами сифатида нишонлаб келмоқда.

            Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тарихий ҳужжат сифатидаги аҳамияти нимада намоён бўлмоқда ва нима учун у қабул қилинган кун бутун жаҳонда тантанали нишонланмоқда?

            Гап шундаки, инсоннинг турар жойи, эътиқоди, тили, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар унинг умумий ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаб қўйган ҳужжат тарихда илк бор халқаро даражада қабул қилинди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида эътироф этилган инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларининг универсал характери – “Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобаринг, бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак” деган қоидадан келиб чиқади.

          Инсон ҳуқуқларининг универсал характери ушбу халқаро ҳужжат “умумжаҳон декларацияси”, яъни бошқача айтганда, “универсал декларация” деб аталишида ҳам ўз аксини топгани рамзийдир.

            Шу ерда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим.

            Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар бир шахсга тааллуқли бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари эса фақат ўша давлат фуқаролигига эга бўлган шахсларгина тегишлидир.

            Ҳар қандай давлатнинг мақсади – инсоннинг ажралмас ва табиий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилади. Эркинлик мулкка эгалик қилиш, хавфсизлик, зулм-қийноқларга солинишига қаршилик кўрсатиш – шулар жумласидандир.

           Жаҳонда ҳуқуқий маданиятни,  инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида Омбудсман институти алоҳида ўринга эга. Ҳозирги пайтда ушбу институт турли бошқарув шакллари: конституциявий монархиялар, президент ва парламент республикалари мавжуд бўлган мамлакатларда қонунчилик ва жамоатчилик томонидан эътироф этилган бўлиб, турли ҳуқуқий оилаларга мансуб бўлган давлатларда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

         Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг Сирдарё вилояти бўйича Минтақавий Вакили томонидан 2016 йил 11 ойи давомидаги фаолиятига тўхталиб ўтмоқчиман.

             Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг Сирдарё вилояти бўйича Минтақавий вакили номига турли хил мавзуда 39 та мурожаат келиб тушди, улардан 13 таси ёзма, 26 таси оғзаки мурожаатлардан иборат. Жумладан, Омбудсман котибиятидан юборилган мурожаатлар 3 та, почта орқали 3 тани ташкил қилади.

              Мурожаатларнинг мазмуни бўйича айтадиган бўлсак, ўзини-ўзи бошқариш органларидаги сайловлари тўғрисида,  суднинг қароридан норозилик, иш ҳақи  тўғрисида,   ҳаж сафари ва паспорт олиш масаласида,  ногиронлик гуруҳи масаласида, Ички ишлар органлари ҳаракатсизликлари, банкдан кредит олиш, ногиронлик ҳуқуқларидан фойдаланиш масалаларида,   ўзини-ўзи бошқариш органлари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари  ҳаракатларидан норозилик,   моддий ёрдам ва нафақа олиш,  оилавий масалада, ер ажратиш ва коммунал хизмат кўрсатиш  масаласида, имтиёзлар олиш ишга жойлаштириш масалаларида Омбудсманга мурожаат қилишган.

                 Ушбу  39 та  мурожаатнинг барчасининг ижроси таъминланди.

                Шу билан биргаликда, жорий йилнинг 11 ойи давомида Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўп бўлган жойларда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида 22 маротаба семинар, давра суҳбатлари ва маърузалар ўтказилди. Ушбу тадбирларда Конституция ва инсон ҳуқуқлари, аҳолининг ҳуқуқий билимини оширишга ва ҳуқуқий маданиятини шакллантиришга аҳамият қаратилди.

Камолиддин Акбутаев, Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг Сирдарё вилояти бўйича Минтақавий вакили

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!