АНЪАНАВИЙ СПОРТ ТАДБИРИ БЎЛИБ ЎТДИ
Гулистон тумани Болалар-ўсмирлар спорт мактаби ўйингоҳида Волейбол, Стол тенниси ва мини футбол беллашувлари ўтказилди. Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Гулистон туман кенгашига қарашли 8 та бошланғич ташкилотнинг спортсеварлари иштирокидаги спартакиадада 80 нафар ишчи ходимлар қатнашдилар.
– Аъзоларимиз фаоллиги, тадбирларимизда завқ билан иштирок этишлари доимо бизни ҳаракатга ундайди, – дейди туман тармоқ кенгаши раиси Жамила Хамроқулова. – Биргаликда ўтказган тадбирларимизнинг барчаси қизиқ. Яқинда 25 нафарлик гуруҳ учун Самарқанд шаҳри саёҳати уюштирдик, Наврўз умумхалқ байрами тадбирларида сайллар ташкил этдик. Навбат спорт тадбирига келди. 7 йиллик фаолиятим давомида спартакиадаларимиз дастурини қизиқарли тузишга, ҳақиқий спорт байрами ташкил этишга ҳаракат қиламан. Тадбир очилиш ва ёпилиш маросимларига турли ташкилотлардан меҳмонлар ташрифини уюштириш, ходимлар истеъдодларини намойиш этишларига минбар бериш усулларини қўллаймиз.
Якуний натижаларга кўра спортнинг Волейбол баҳсларида туман ҳокимияти аёллари жамоаси биринчиликни қўлга киришди. Стол тенниси курашида туман ҳокимлигининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича бош мутаххасиси ва ўтган йилги мусобақа ғолиби Музаффар Хайитовнинг бу гал ҳам қўли баланд келди. Қизиқарли кечган мини футбол беллашувида туман Молия бўлими жамоасига ғолиблик насиб этди.
Спартакиада иштирокчиларининг ҳаммаси эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири