ХАЛҚ ХИЗМАТИДА КАМАРБАСТАМИЗ
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Дастури ижросини амалга оширишда, жумладан, фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда инсон манфаатларига қаратилган «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» да белгиланган вазифаларни амалга оширишда Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда. 2017 йил давомида касаба уюшмалари ишчи гуруҳлари вилоят ҳудудида 4 маротаба мулоқот ва мониторинг ишлари олиб бордилар. Ушбу жараёнда вилоят ҳудудида истиқомат қилувчи ҳар бир фуқаронинг хонадонида бўлиб, уларнинг яшаш шароити, иш билан бандлиги, оила фаровонлиги, саломатлиги борасида тўлиқ маълумотларга эга бўлдилар. Муаммоларнинг ярми жойида ҳал этилди, туман ва вилоят ҳокимликлари даражасида ҳал этиладиган муаммолар бўйича маълумотномалар тайёрлаб берилди.
Юқорида номи қайд этилган дастур доирасида имзоланган жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 500 зиёд фуқароларга ижтимоий кўмак берилди.
Нуронийларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришига ва соғлиқларини мустаҳкамлашга қаратилган қуйидаги чора-тадбирларни ҳамкорликда амалга ошириш мақсадида 9 май байрами арафасида “Нуронийлар эъзозимизда” патронаж ёшлар ҳаракати доирасида маҳаллаларда истиқомат қилаётган кўмакка муҳтож кексалар, имконияти чекланган шахслардан 22 нафарига вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан коммунал тўловлари тўлаб берилди.
9-май байрами муносабати билан Мустақилликни ҳимоя қилишда ҳалок бўлган ҳарбийлардан 5 нафарининг оилаларига ва касаба уюшмасининг марҳум фахрийси оиласига моддий ёрдам берилди. Кексаларни эъзозлаш, эҳтиёжмандларга кўмак бериш халқимизга хос фазилат. Анъаналарга содиқ қолган ҳолда, 50 нафар нуронийларнинг Тошкент шаҳри ва Хўжамушкентдаги зиёратгоҳларга экскурсиялари уюштирилди.
Корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари қабул қилиниши ортидан ишчи-ходимларга эътибор кучайди. Улар учун нафақат муносиб меҳнат шароитлари, балки маданий ҳордиқ чиқаришлари, спорт билан шуғулланишлари, иш жойларида ходимлар гимнастикаси жорий этиш, ходимлар пенсияга чиқиш пайтида эсдалик совғалар қилиниши анъана тусига кирди. Бу ҳам меҳнаткашларга бўлган эътибор намунасидир.
Жамоа шартнома ва келишувлари орқали хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш мақсадида 127 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган болали 147 нафар аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди.
Анъаналарга содиқ қолган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 26 йиллиги байрами арафасида Янгиер шаҳридаги «Мурувват» уйи»да яшовчи хотин-қизларнинг 50 нафарига совғалар тақдим этилди. Вилоятнинг узоқ қишлоқларида яшовчи 55 нафар эҳтиёжманд оилалар аёлларига касаба уюшмалари совғалари – электр-маиший техника жиҳозлари олиб берилди.
Ёшларни рағбатлантириш мақсадида “Касаба уюшмалари – ёшларга” акцияси доирасида Гулистон Давлат университетининг 23 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд ва иқтидорли талабалар касаба уюшмалари стипендиати бўлдилар. Уларга бир марталик стипендиялар тарқатилди. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини ҳимоя қилишда хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган 3 нафар ҳарбий хизматчилар оилаларига манзилли моддий ёрдам пуллари етказиб берилди.
Маърифий тадбирлар –маънавият соатлари меҳнат жамоаларида мунтазам ўтказилишига ҳам жиддий эътибор қаратмоқдамиз. Жумладан, касаба уюшмалари тасарруфидаги 1168 та ташкилотда “Маънавият соатлари” ташкил этилиб, унда 1095 нафар ишчи-ходимларнинг иштироки таьминланди.
Жорий йилнинг шу кунигача 1509 та корхона ва ташкилотда 1114 та спорт тадбирлари ўтказилган бўлиб, унда 31597 нафар киши иштирок этди. Спорт тадбирларида фаол қатнашган ходимлар совғалар билан рағбатлантирилмоқда.
Хусусан, январ – март ойларида ВКУТБ томонидан уч босқичли “Спорт – саломатлик гарови” шиори остида спартакиада мусобақалари ташкил этилиб, унда қарийб 2000 нафар ҳаваскор спортчилар иштирок этишди. Энг фаол ҳаваскор спортчилар касаба уюшмаларининг дипломлари ва қимматбаҳо совғалари соҳиби бўлдилар.
ВКУТБ нинг 2017 йил 4 апрелдаги 9-17 “с” сонли қарорларига асосан 29 апрель куни Гулистон шаҳридаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимлар ўртасида “Саломатлик сари” республика югуриш марафонининг вилоят босқичи ўтказилди. Тадбирда учта ёш тоифаси бўйича 600 нафарга яқин ишчи-ходимлар ва 450 нафар томошабинлар иштирок этдилар.
Шуни айтиш керакки, ижтимоий ҳамкор ташкилотларимиз –“Маҳалла”, “Нуроний”, Маданият ва спорт бошқармалари билан қўшма қарорларимиз ижроси ўлароқ ўтказилаётган тадбирлар ҳам ҳамиша эътиборимизда. Мисол учун, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими билан ҳамкорликда «Футболимиз келажаги» мусобақалари ўтказилиб, ғолиблар ВКУТБ касаба уюшма бюджети ҳисобидан тақдирландилар.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган “Аёллар спорт фестивали” ўтказилиб, ғолиб аёлларга бирлашма касаба уюшма бюджети ҳисобидан совға қилинди.
Ҳисобот даврида Дастурда кўзда тутилган 1000 нафар ишчи-ходим ўрнига 1064 нафар ишчи-ходим соғломлаштирилди. Шундан, касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан режадаги 562 нафар ишчи-ходим ўрнига 578 нафар киши, ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан режадаги 396 нафар ўрнига 486 нафар ишчи-ходим имтиёзли йўлланмалар олиб, саломатликларини тиклаб қайтишган.
Эътиборлиси, йўлланмаларнинг 295 донаси ишловчи ходимларга, 283 донаси уларнинг оила аьзоларига ажратилган. 21 дона йўлланма эса давлат дастури асосида кам таьминланган, чекка ҳудудларда яшовчи аёлларга, ишловчи ногиронлар ва нафақахўрларга бепул берилди.
Вилоят бўйича учта стационар оромгоҳларда режадаги 2000 нафар боланинг ўрнига 2170 нафар, умумтаьлим мактаблари ва “Баркамол авлод” марказлари қошида ташкил этилган кундузги оромгоҳларда 2800 нафар боланинг ўрнига 32 та кундузги оромгоҳда 8120 нафар болалар дам олдирилди. Вилоят бўйича режадаги жами 4800 нафар ўрнига 10291 нафар болаларни соғломлаштиришга эришилди.626 нафар бола, шундан 98 нафари касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан имтиёзли дам олдирилди. Вилоятнинг 1-7 синфида таьлим олаётган 87812 нафар ўқувчиларнинг 11,7 фоизи оромгоҳларда соғломлаштирилди.
Туризмни ривожлантириш бўйича ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мамлакатимизнинг Хива, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарлари ва Мустақиллик йиллари барпо этилган иншоотларга ишловчи ходимлардан 5967 нафарига саёҳатлар ташкил этилди.
Якунда шуни таъкидлаш зарурки, «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», деган эзгу ғоя ҳаётга изчил татбиқ этилишида касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Халқ хизматига камарбаста бўлиш, унинг фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бир тану бир жон бўлиш ҳар биримизнинг эзгу мақсадимиздир.
Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси
Кенгаши раиси Камолиддин Акбутаев