Click to listen highlighted text!

МЕНИНГ ДЎСТИМ-ВАТАН ҲИМОЯЧИСИ

            Ватан ҳимоячилари куни арафасида ҳарбий хизматчилар, уларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирокида видеоконференциялар ўтказиш яхши анъанага айланди. Ана шундай тадбирлардан бири Сирдарё вилоят Фермерлар Кенгаши фаоллар залида бўлиб ўтди.
«Менинг дўстим – Ватан ҳимоячиси» шиори остида Вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган видеоконференцияга муддатли ҳарбий хизматчилар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши аъзолари, офицерлар, журналистлар таклиф этилди.
– Дўстлар билан дийдор кўришиш жуда ёқимли,– дейди қувончи ичига сиғмай Сурхондарёдан келиб Сирдарёда хизмат қилаётган оддий аскар Рустам Абраев. – Жанговар ўқув машғулотларидаги ютуқларимиз ҳақида уларга сўзлаб бердик. Мен ҳарбий қисм командирининг фахрий ёрлиғини олдим. Ота-оналаримиз ҳам, дўстларимиз ҳам биз билан фахрланишини кўриб, кучимизга куч қўшилди. Она Ватанга янада муносиб хизмат қилишга ҳаракат қиламиз.
Ҳарбий либоси ярашиб турган Азамат Ҳайдарқулов билан дўсти Лочиннинг суҳбати ҳам жуда самимий кечди. Лочин аскар дўстига синфдошларининг саломини етказди. Сурхондарёлик Қувончбек Хидиров ҳам дўсти Салоҳиддин билан дийдорлашиб, ҳамқишлоқларига аскарлик саломини етказишни топширди.
Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова ҳарбий хизматчиларга самимий тилакларини билдирди. Учрашув қаҳрамонлари Сирдарё ва Сурхондарёни видеоконференция орқали боғлаган тадбир ташкилотчиларига ҳам миннатдорлик изҳор қилдилар.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!