Click to listen highlighted text!

МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ЙЎҚ ДЕЙМИЗ

Ўзбекистон Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Равшан Бедилов билан тармоқнинг Сирдарё вилоят туман, шаҳар Кенгашлари раислари, Гулистон шаҳар мактаблари ва МТМ раҳбарлари ҳамда КУК раислари учрашуви ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг шу йил 13 апрел куни Сайхунобод туманида бўлиб ўтган Сирдарё вилояти фаоллари билан учрашувда ўқитувчи ва тиббиёт ходимларининг ободонлаштириш ва турли ҳашарларга жалб қилинишини қаттиқ қоралаб гапирган эдилар. Шуни ҳам айтиш керакки, таълим муассасаларида ҳамон турли “йиғ-йиғлар”, ойлик иш ҳақидан ушлаб қолишлар каби салбий ҳолатлар ҳам мавжуд. Гулистон шаҳридаги 16-умумтаълим мактабида ташкил этилган учрашувда сўзга чиққан Равшан Бедилов мажбурий меҳнатнинг барча турлари таъқиқланганлигини, бу борада бошланғич касаба уюшма қўмиталари фаол бўлишлари, ўқитувчи-ходимларни ноқонуний ҳашарларга жалб қилинган тақдирда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, ойлик маошларидан турли баҳоналар билан ушлаб қолишлар ва пул йиғишларга чек қўйиш лозимлиги, бу борада уларга туман-шаҳар Кенгашлари, қолаверса, вилоятдаги масъул ташкилотчилар ҳамда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси қошидаги юридик клиника ҳам яқин кўмакчи экани ҳақида гапирди.
Иштирокчилар учун аноним саволномалар тарқатилди.
– Бошланғич касаба уюшма қўмиталари раҳбарлари ҳамда ўқитувчи-ходимларимиз ҳали ўзлари очиқ-ойдин гапиришга тайёр эмасликлари билиниб қолди, муаммо мавжуд бўлган тақдирда унга қарши курашиш у ёқда турсин, уни айтишга ҳам ийманяпсизлар, аммо, биз сизларнинг муаммоларингизни тинглагани келдик. Юқорида айтилган муаммоларга дуч келаётган бўлсаларингиз, ўзингизни танитмаган ҳолда бўлса ҳам айтинг, – дея мурожаат қилди Ўзбекистон Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси раиси.
Тадбирдан сўнг ОАВ вакиллари билан қисқа учрашув ўтказилди. Мухбирларнинг саволларига жавоб берар экан, Р.Бедилов Ўзбекистон Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси жойлардаги масъул ташкилотчилар ҳамда туман-шаҳар Кенгашларига таянган ҳолда мажбурий меҳнат ҳамда ноқонуний пул йиғишларнинг барча кўринишларига барҳам беришини таъкидлади.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!