КЎНГИЛНИ ОБОД ҚИЛИШДАН ЯХШИРОҚ ИШНИНГ ЎЗИ ЙЎҚ
Халқимиз томонидан ҳайит байрами орзиқиб, алоҳида аҳамият билан кутиб олинади. Улуғ айёмда кекса-ю навқирон, бой-у фақир барча бирликда хуррамлик қилиб, шукроналар изҳор этади. Муборак кунларда Сирдарё вилоятининг бир гуруҳ аҳолиси кўнглидаги ҳотиржамлик, шодликнинг ҳади йўқ. Сабаби кўп йиллик моддий ночорлик сабаб ижара уйларда яшовчи навбатдаги бир гуруҳ аҳолига уй – жой мулк сифатида ҳадя қилинди.
Ўз шахсий уй- жойга эга бўлиш қанчалик муҳим ва қувончли воқеа эканлигини унга муҳтож бўлганлар, уйсизлик қийинчилигини тотганлар яхшироқ тушунишади. Доим меҳнат қилиш, бошқалардан кўпроқ тежамкорликда бўлиш, бўлак орзу- ҳавас қилмасдан фақат уй, бошпана учун маблағ тўплашнинг ўзи бўлмайди. Айниқса, қўли қисқа одам, оиласида бемори бўлган одам қаттиқ умидсизликка тушиб, ҳамма нарсада ўзини айбдор ҳис қилади, қусури бор одамга ўхшатади ўзини.
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб – қувватлашга оид қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги Қарори мамлакат миқёсида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, жисмоний имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаш имконини бермоқда.
Хусусан, Сирдарё вилоятида ҳам ушбу ташаббус борасидаги тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Муборак рамазон ҳайити арафасида бир гуруҳ эҳтиёжманд аҳоли вакиллари яшаш хонадонларига эга бўлишди.
Боёвут тумани 20 – умумтаълим мактабининг эски биносида бир оила мутлақо шароитсиз аҳволда яшаш шароитига тушиб қолди. Оила бошлиғи Авазбек Тўрақулов болаликдан II гуруҳ ногирони, умуртқа суякларидаги нуқсонлар сабаб яхши ҳаракатлана олмайди. Турмуш ўртоғи ҳам шу турдаги касаллик билан оғриган. Уларнинг 2 нафар вояга етмаган фарзандларида ҳам касаллик аломатлари акс этди. Англашилганидек, Авазбек тўла меҳнат қобилиятига эга эмас, шу боис ҳам оила қариндошлари кўмагида ижара уйда яшаб рўзғор тебратиб келди. Сўнгги йилларда бўлса, мактаб биносига тегишли бўлган нотурар жойда паноҳ топди.
- Касаллигим туфайли ишлай олмайман. Бу орада икки нафар фарзандлик бўлдим. Охирги пайтлар мактаб биносида яшашга мажбур бўлдим. Оиламиз учун давлатимизнинг бунчалар ғамхўр бўлишини кутмагандим. Менга қарашиб турган ака – укаларимга яқин ҳудуддан 4 хонали янги ҳовли қуриб беришди, – дейди Авазбек Тўрақулов. – янги уйга кўчиб ўтганим, касаба уюшмаси вакилларидан уй калитини қабул қилган кун бир умрлик ёдимизда қоладиган бўлди.
Қисқа фурсатда барча қулайликларга эга бўлган 4 хонали уй қуриб битказилиш ишларига вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бош – қош бўлди.
Ховос тумани “Қорақум” маҳалласидаги абгор ҳолатга келиб қолган уйда опа – сингил Алиевалар яшаб келмоқда эди. Ота – онаси вафот этган, оила қурган Умиданинг турмуши ўхшамаган.
Шу сабаб ҳам синглиси, ўғли Азизбек билан эскириб қолган уйда яшашар, таъмирлашга имкониятлари йўқ эди. Туманга қўшни бўлган Ширин шаҳридан 4 хонали уй соҳиби бўлган Умидахоннинг қувончи чексиз.
- Муносиб яшаш шароити яратиб беролмаганимдан фарзандим олдида ўзимни айбдор ҳис қилардим, – дейди Умида Алиева. – Шинам уй калитини топширишганида кўзларимга ишонмадим. Чиндан уй бизникими, Президентимиз бизга совға тайёрлабдиларда, деб уйқумиз келмади.
Нодира Бердиёрова 10 йилдан зиёд вақт давомида ижара уйда яшаб келаётган эди. 9 ёшли фарзанди кўзларида нуқсон аниқлангач, доимий равишда шифокорлар назоратида бўлиб, муолажа қабул қилади. Республика кўзи ожизлар мактабининг 3 синф ўқувчиси.
- Ширин шаҳри марказидан 1 хонали уйга эга бўлганимизни ўғлим устозларига, синфдошларига қувониб айтибди, – дейди кўзлари ёшланиб Нодира Бердиёрова. – Устозларига рахмат, уй соҳиби бўлганимизни мактабда нишонлашибди. Фарзандим байрам бўлганини, катта торт тайёрлаб, хурсандчилик қилишганини айтганида жуда севиндим. Бу хотиралар энг қувончли кунимиз.
Шу куни Ширин шаҳридан 2 хонали уй соҳиби бўлган Собир Шомирзаев оиласининг ҳам қувончи чексиз бўлди. Мавсумий ишда ишлаб топган даромади рўзғор харажатларидан ортмас, ижара тўловларининг ўзиям қийнаб келаётган эди. Хонадоннинг мактаб, боғча каби муассасаларга яқинлиги айниқса, кўнгилдагидек бўлди. Сабаби, аввалги турар жойлари мактабдан олисда жойлашган бўлиб, иккинчи навбатда ўқийдиган Нилуфардан хавотир олиб, оила аъзолари йўл пойлашарди.
Моҳларойим Матмусаевага чин етимлик жуда эрта қисмат бўлди. Укаси билан меҳрибонлик уйида тарбия топди. Гулистон шаҳрининг Тажрибакор маҳалла ҳудудидаги 2 хонали уй совға қилиниши давлатимизнинг навбатдаги ғамхўрлиги бўлди.
Хонадон эгаларининг айтаётган барча ташаккурлари чин қалбдан айтилмоқда. Қай хонадонга кирмайлик “Давлатимиз кўрсатган ғамхўрлик учун фарзандларимизни муносиб авлод қилиб тарбиялашга ваъда берамиз”, деган яхши ниятни тингладик. Илоҳим, фарзандлар Ватанимиз хизматини қиладиган юртпарвар бўлиб улғайишсин.
Кўнгли обод бўлган оилалар ҳаётида янги саҳифалар очилишни бошлади. Бу саҳифалар сермазмун ва ёқимли лаҳзаларга бой бўлишини тилаймиз.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»