Click to listen highlighted text!

РЕСПУБЛИКА ИШЧИ ГУРУҲИ ЎЗ ИШИНИ СИРДАРЁ ВИЛОЯТИНИНГ ҚОЛГАН ТУМАНЛАРИДА ДАВОМ ЭТТИРМОҚДА

 Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков раҳбарлигида тузилган Республика Ишчи гуруҳи 2019 йилнинг 4 февралидан бошлаб Сирдарё вилоятининг барча туманларидаги хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маиший шароитларини ўрганишга киришди.
Шу мақсадда ўз таркибига Касаба уюшмалари Федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллалар кенгаши, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Маънавият ва маърифат маркази вакилларини қамраб олган мазкур Ишчи гуруҳи эндиликда вилоятнинг Боёвут, Гулистон, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Сайхунобод, Сирдарё, Ховос туманлари ҳамда Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарларидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган оилаларда бўлиб, хотин-қизлар билан дилдан суҳбат ва мулоқотлар асносида уларни қийнаётган муаммоларни ўрганмоқдалар. Ишчи гуруҳи вакиллари ҳар бир туман ва шаҳардаги секторлар кесимида иш олиб бормоқдалар.
Эндиликда ҳар бир секторга бириктирилган Республика ишчи гуруҳи вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси умумий раҳбарлигида хонадонма хонадон юриб, мавжуд муаммоларни бирма бир аниқлайдилар. Шу билан бирга, оилани мустаҳкамлаш, фарзандлар таълим-тарбияси бўйича тегишли тавсияларни берадилар. Бундан кўзланган асосий мақсад – ҳақиқий ёрдамга муҳтож хотин-қизларни аниқлаш ҳамда уларга кўрсатилаётган ёрдамларнинг манзилли бўлишини таъминлашдир.
Ўрганишлар жараёнида хотин-қизларнинг нафақат ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва маиший шароитлари, балки оиладаги келишмовчиликлар ва уларнинг сабаблари, ажримлар ва уларнинг сабаблари ҳам ўрганилади. Аниқланган муаммолар ва келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.
Ишчи гуруҳи вакиллари томонидан аниқланган ва жойида ҳал этилиши мумкин бўлган муаммолар туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда бартараф этилиши ташкиллаштирилади. Бартараф этилиши муайян муддатни талаб этадиган муаммолар ечими бўйича тегишлича туман, вилоят ва республика миқёсидаги манзилли дастурлар лойиҳалари шакллантирилади.
Манзилли дастурлар:
– оғир турмуш шароитидаги хотин-қизлар (кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор, уй-жойга муҳтожлар кабилар)нинг муаммоларини бартараф этиш;
– хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасидаги тадбиркорликни ривожлантириш;
– хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш;
– оилавий муаммоларини бартараф этиш;
– оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш йўналишлари бўйича ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!