Click to listen highlighted text!

ҚУВОНЧЛИ ЯКУНЛАР, ЗАЛВОРЛИ РЕЖАЛАР

Фаолиятга холис баҳони доимо аҳоли, халқ бериб келган. Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида вилоят аҳолисининг фикр-хулосасидан билиш мумкинки, касаба уюшмаси фақатгина ишловчиларнинг эмас, балки барча қатламнинг чинакам елкадошига айланган. Бу таассуротларга “Сирдарё вилоятининг ҳам ўз санаторияси бўлсин, меҳнаткашлар саломатлигини тикласин. Фарзандларимизнинг оромгоҳда хордик чиқариш имкониятлари кенгайсин, дея киритган таклифларининг қисқа фурсатда амалга оширилгани таъсири бор.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федрациясининг 130 миллиард сўм маблағи ҳисобига вилоят аҳолиси ва фарзандлари учун Зомин туманида замонавий “Зомин“ оромгоҳи, Янгиер шаҳрида жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган “Янгиер” санаторияси қуриб битказилишини аҳоли чинакам шижоатга ундовчи маскан сифатида қабул қилди.
Шу йили “Сардоба” сув омбори дамбасида рўй берган техноген офат оқибатида зарар кўрган аҳоли саломатлигини тиклаш учун “Zamin” Халқаро жамоат жамғармаси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Сирдарё, биз ёнингдамиз!” хайрия акцияси ташкил этилди. Бирлашма ходимларининг ҳаракати билан 60 ёш ва ундан катта ёшдаги 2 минг 323 нафар аҳоли ўз вақтида шифо топиб, саломатлигини тиклашга эришди. Шунингдек, 2 минг 777 нафар бола Тошкент ва Жиззах вилоятлари худудидаги саккизта оромгоҳда соғломлаштирилди.
Бугун касаба уюшмалари кириб бормаган соҳанинг ўзи қолмади, ҳисоб. Ходим учун қулай ва хавфсиз иш ўрни яратиш, унинг ўзи ёки оила аъзоларини соғломлаштириш, хордиқ чиқариб, дунёқарашини ўстириш учун саёҳатлар, маданий тадбирлар ташкил этиш, бандликка кўмаклашиш, ҳуқуқини ҳимоя қилиш, шунингдек, кам таъминланган аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, хуллас, турли йўналишлардаги зарурий ишларда касаба уюшмаларининг ўрни ва нуфузи борлигини кўраётирмиз.
Айниқса, сўнгги йилларда олиб борилган тизимли ишлар энг аввало, меҳнаткаш халқимизнинг, мунис аёлларимизнинг ҳузур-ҳаловати учун қаратилган. Бу борада вилоят бирлашмаси бошчилигидаги жамоат ташкилоти вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан хонадонма-хонадон юриб хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича дастур қабул қилинди.
Дастур асосида ишсиз бўлган, кам таъминланган хотин – қизларнинг 65 нафарига тикув машинаси, 17 нафарига микро печ олиб берилиб, уй шароитида 164 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга эришилди. Яна 100 нафар иш ўрни яратиш бўйича лойиҳалар тайёрланган.
Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан давлат раҳбарининг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3268-сонли Қарори ижроси бўйича ижтимоий аҳволи ўрганилган кам таъминланган оилаларга уй-жой ажратиш, зарурини таъмирлаш, маиший техника билан таъминлаш, тиббий хизматга эҳтиёжи ва кредит олишга хоҳиши бўлган 1 минг 646 нафар оила рўйхати шакллантирилиб, манзилли дастур имзоланди. Шу асосда1 минг 597 нафар оилага маиший техника, 66 нафар фуқарога саломатликни тиклаш учун зарурий маблағ, 107 нафар фуқарога хонадон таъмири учун ва 22 нафар фуқарога уй-жой харид қилиш учун маблағ сарфланиб хайрли ишларда бош-қош бўлишди.
2018 йилда ҳам кўнгилларда чироқ ёқиш ташаббуси давом эттирилиб, 770 нафар оилага газ плитаси ва баллони тарқатилди. Сурункали касаллик билан ёлғиз қолган 66 нафар фуқарога тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дормон ва тиббий жиҳозлар харид қилиш учун, уй-жой таъмирига муҳтож бўлган 275 нафар вилоятликларга маблағлар ажратилган бўлса, 46 нафар фуқарога уй-жой харид қилиш билан муаммолари бартараф этилди.
Вилоятда шу кунга қадар имтиёзли, йиллик 4 фоизли кредитлар тижорат банклари томонидан 228 нафар оилага 2 миллиард 201 миллион сўм миқдоридаги кредит суммалари ажратилди.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг VIII конференциясида тингланган беш йиллик ҳисоботида берилган маълумотлар билан тизим фаолиятига бўлган таассурот янада мустаҳкамланди.
Таъкидланганидек, асосий эътибор қуйи бўғин бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ва туман, шахар Кенгашлари нуфузини, салохиятини кўтаришга қаратилмоқда. Бугунги кунда бирлашма тизимидаги 1 минг 292 та бошлангич касаба уюшма ташкилотлари 137 минг728 нафар касаба уюшма аъзоларини бирлаштирган.
Ҳисобот даврида жами 2 минг 757 та нодавлат сектор ташкилотларидан 16 минг 929 нафар ходим касаба уюшма аъзолигига жалб қилиш билан ишловчилар манфаатлари таъминланди.
Меҳнаткашларнинг хуқуқий саводхонлигини ошириш борасида муҳим тадбирлар мунтазам ўтказилиши йўлга қўйилди.
Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини дам олдириш ва соғломлаштириш борасидаги ишлар 2016-2020 йилларда тизимли равишда давом эттирилди.
Ўтган йилларда касаба уюшмалари томонидан ёзги мавсумда 19 минг 11 нафар бола соғломлаштирилди. Уларнинг қарийб 3 минг 601 дона йўлланмаси кам таъминланган ишловчи оилалар фарзандлари учун бепул берилди.
Жамоа шартномалари орқали касаба уюшмалари ва иш берувчининг маблағлари ҳисобидан 3 минг 986 та корхона ва ташкилотларда 6 минг 263 нафар ходимларга 899,5 млн. сўмлик ижтимоий кўмаклар берилган.
Умуман, вилоят бўйича жамоа шартномалари барча шартларини бажарилиши натижасида ҳар бир ходимга сарфланган маблағ ўтган йилларга нисбатан 32,3 фоиз кўп миқдорга оширилди.
Шу муддат оралиғида 839 та мурожаат қайд этилган бўлиб, ўрганишлар давомида 185 нафар ишчи – ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Натижада 121 миллион 723 минг 598 сўм миқдоридаги ҳақлари ундирилди.
Ўтган давр давомида маданий тадбирлар доирасида меҳнаткашларнинг 256 марта театр, музей, бошқа маданий обьект ва концертларга ташрифлари уюштирилди.
Кўрсаткичлар таҳлили шуни кўрсатдики, эътибордаги муддат давомида тарихий шаҳарларга уюштирилган саёҳатларда 7 та тармоқдан 17 минг 755 нафар ишчи-ходим иштирок этган, ушбу мақсадларга 608 млн. 165 минг. сўм миқдорда касаба уюшма маблағидан, иш берувчи маблағидан 6 млрд. 457 млн 435 минг. сўм сарфланган. Бу кўрсаткичларнинг ўзиёқ кейинги беш йилликда вилоят касаба уюшма тизимида туризмнинг ривожланиб бораётганлигидан даракдир.
2015-2020 йилларда 9293 нафар болаларни стационар оромгоҳларда соғломлаштиришга эришилди. Бундан ташқари 11 минг 182 нафар ўғил-қиз мактаблар қошидаги кундузги оромгоҳларда бепул дам олдирилди.
Стационар оромгоҳларда соғломлаштирилган болаларнинг 25 фоизи, яъни 2 минг 400 нафари бепул йўлланмалар билан таъминланди.
Бирлашма раиси Рустамбек Турсунмуродов тизимдаги айрим камчиликлар ҳақида тўхталиб, кейинги фаолиятда бартараф этиш талабини киритди. Яъни, Ёшлар ва хотин-қизлар кенгашларининг фаолиятида асосий эътибор турли тадбирларни ташкил этишга қаратилмоқдаки, ваҳоланки, жамоа шартномаларида ёшлар ва аёллар учун кўзда тутилган имтиёзлар амалга оширилишини мунтазам равишда таҳлил қилиб бориш, тегишли таклифларни иш берувчиларни тақдим этган ҳолда кенгаш мажлисларида муҳокама қилиш масалалари эътибордан четда қолмоқда.
Конференция ишида бирлашма меҳнат ҳуқуқи инспектори Шириной Умаралиева, Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов, вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Носиров, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Сардоба туман кенгаши раиси Ҳабибулла Ўрозбоев, Гулистон туманидаги “Гулистон мили текс” раҳбари Наргиза Малибоева, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё туман кенгаши раиси Мурод Ҳайитқулов сўзга чиқиб, музокараларда амалга оширилган ишлар, кўрсатилган ташаббуслар аниқ рақамлар билан таҳлил қилиниб, эшитилган ҳисоботга қониқарли баҳо беришди.
Шунингдек, делегатлар томонидан бирлашма кенгаши ва тафтиш комиссиясининг янги таркиби тасдиқланди. Фаолияти қониқарли баҳоланиб Рустамбек Турсунмуродов бирлашма кенгаши раислигига такроран сайланди.
Конференция ишида ташкилий масала кўрилиб, бирлашма раиси ўринбосари лавозимига Баходир Ҳамиджонов номзоди тасдиқланди.
Конференцияда ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Каримова, вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Носиров иштирок этди ва сўзга чиқди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!