Click to listen highlighted text!

ТЕРИМЧИЛАРГА ҲУҚУҚИЙ КЎМАК

Бугун далаларда пахта хирмонини тўплаш билан банд бўлган ҳашарчилар бисёр. Ўз навбатида пахта йиғим-терим мавсумида теримчилар учун қандай шароит яратилгани, мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик мақсадида касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати ташкил қилинди. Шу кунга қадар Сирдарёда кластер, фермер хўжалиги, маҳалла, корхона, ташкилот ва муассасалардан иборат 53 та манзил ўрганилди.
Ўрганиш давомида 14 та зарур меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш бўйича, 276 та меҳнат шартномалари тузилмаганлиги, 71 та ҳолатда “пахта пули” ўз вақтида берилмаганлиги, 24 та ҳолатда санитария-гигиена қоидаларига риоя этмаслик қонунбузилишлари аниқланди.
Эътиборлиси, ушбу аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилишига эришилди. Вақтида тўланмаган 1 млн 216 минг 720 сўм терми пули ҳашарчиларга ундириб берилди.
Шунинг билан биргаликда, бирлашма бўлимларига мавсум билан боғлиқ жами 15 дан ортиқ мурожаат келиб тушди.
Жумладан, Гулистон тумани, Зарбдор маҳалласи, Чинобод кўчаси, 23 уйда яшовчи фуқаро С.Мамирова пахта теримида иштирок этаётгани, дала шароитидан қониқмаганлигини мурожаат қилган.
Ўрганиш жараёнида, С.Мамирова “Боймирза Тошбоев” фермер хўжалиги далаларида пахта тераётганлиги, шароитлар талаб даражасида бўлмагани, яъни теримчилар учун далада иссиқ овқат, сув таъминоти яратилмагани, санитария – гигиена қоидаларига амал қилинмаётганлиги аниқланди. Ушбу камчиликлар фермер хўжалиги раҳбари томонидан жойида ҳал этилди.
Яна бир мурожаатда Сайхунобод тумани, Бахмалсой МФЙда яшовчи фуқаро Н.Каримов турмуш ўртоғи пахта тераётганлиги, терим пули вақтида берилмаганидан шикоят қилган.
Мурожаатчининг турмуш ўртоғи З.Абдувоҳидовага 275 минг 690 сўм терим пули ундириш билан масала ҳал этилди.
Боёвут туманига ҳашарга келган Cурхондарёлик А.Гоппоров терим пулидан сабабсиз “ушлаб” қолинганини хабар берди. 705 минг сўм ҳақ теримчи фойдасига ундирилди.

Шириной УМАРАЛИЕВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Меҳнат инспекциясининг
Сирдарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!