Click to listen highlighted text!

БАҲОРГА ЯРАШГАН ТАНТАНА

Кўкламнинг ўзи бир тантана бўлса, гўзал опа-сингиллар байрами шу тантананинг бош безагидир. Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тизимда меҳнат қилаётган хотин-қизларни 8-Март –Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаш мақсадида байрам тадбири ўтказиб алоҳида эҳтиром кўрсатаётир. Бирлашма раҳбари Рустамбек Турсунмуродов фаолиятдаги ҳар бир аёлларни касаба уюшмасининг ҳақиқий жонкуярлари деб таърифлади.
Тармоқ масъул ташкилотчиси Раъно Абдалимова меҳнаткаш, талабчан, бир сўз билан айтганда замонавий аёлга хос барча фазилатлар эгаси. Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси аъзоси сифатида ҳам аёллар манфаати учун елиб-югуради.
Шириной Умаралиева кўп йиллик тажрибага эга ҳуқуқшунослардан. У меҳнаткашлар ҳимояси, ҳуқуқлари тантанаси учун охиригача курашишини вилоятда ҳамма билади. Опанинг ҳаракатлари сабаб меҳнат низолари адолатли ҳал бўлаётир.
Шунингдек, Роила Зоирова, Лола Муродова, Элвира Ходжаярова каби самимий ва тоза қалб эгалари ўз фаолиятлари сабаб касаба уюшмаси нуфузини ошириб келмоқда.
Эзгулик ва гўзаллик тимсоли бўлган аёлларга байрам совғаси сифатида «Муқаддассан аёл» деб номланган байрам дастурига таклифномалар берилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!