БЕПУЛ ЙЎЛЛАНМА- ФИДОИЙ ПЕДАГОГЛАРГА РАҒБАТ
Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимида янгича такомиллашиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга жамиятимизда ўқитувчи ва педагог ходимлар, зиёлиларга бўлган ҳурмат-эътибор ҳар қачонгидан юқорилаётир.
2021 йил 1-январдан халқ таълими бўлими мудирлари ва методистлари ва умумтаълим мактаби директори, рейтинги баланд ўқитувчиларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳисобидаги санаторийларда дам олиш учун бепул йўлланмалар берилиши бошланди.
Бунга президентимизнинг 2020 йил 6-ноябрдаги “Ўзбекистон- янги тараққиёт даврида таълим –тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-табдирлари тўғрисидаги” фармони асос бўлмоқда.
Айни пайтда Янгиер шаҳрида жойлашган “Янгиер” санаторийсида дам олмоқдаман. Айтишим керакки, ушбу янги сиҳатгоҳнинг очилиши ҳам ҳурматли приезидентимиз ташаббуси бўлган. Сиҳатгоҳ қурилиши таклифи айтилган йиғилишда мен ҳам иштирок этган эдим. Ўшанда очилажак санаторийда дам олишни чин дилдан ният қилган эдим. Шукур,бугун барча шароитлари замонавий, гўзал сиҳатгоҳда саломатлигимни тиклаяпман.
Ўзим таълим соҳасида фаолият юритганимга 50 йилдан ошди. Шунинг 27 йили давомида мактабга директорлик қилдим. Ҳозирда Мирзаобод туманидаги 1-умумтаълим мактаби директори лавозимида ишлаб келмоқдаман. Президентимизнинг биз педагог ходимларга эътибори ва ғамхўрлиги туфайли мана шундай аъло шароитдаги масканда бепул даволаниш имконига эга бўлдим. Ҳаттоки, шунча йиллик хизматимдан кўнглим тўлмай қолди. Муолажаларни олиб кундан кунга тетиклашиб бориш билан бирга фаолиятим учун янги режалар тузаяпман.
Бу ерда айни пайтда бир гуруҳ ҳамкасблар ҳам хордиқ чиқаришмоқда. Ҳамманинг кайфияти – кўтаринки.
-Сиҳатгоҳ очилганида ҳавас қилган эдим, -дейди Мирзаобод туманидаги 21-умумтаълим мактаби директори Ҳикоят Омонбоева. – Бу ерда чиндан маза қилиб дам олиш, саломатликни тиклаш мумкин экан. Оёқ оғриғи безовта қилар эди. Кардиолог Санобар Раҳмонова, нервпатолог Шаҳзода Маҳмудова берган маслаҳат билан даволаш муолажаларини бошладим. Келганимга икки кун бўлганига қарамай ўзимни яхши ҳис қилаяпман.
-Илгари вилоятимизда санаторий бўлмаган. Бугун Сирдарёга дам олиш учун юртимизнинг турли жойларидан келишмоқда. Бу билан, очиғи, фахрландим,-дейди Боёвут туманидаги 11-мактаб директори Жўрабек Эгамбердиев. – Самарқанд, Жиззах, Тошкент вилоятидан келган дам олувчиларнинг таассуротлари билан қизиқдим. Барчасига манзур келибди. Бунинг учун аввало, муҳтарам президентимизга катта раҳмат. Вилоятимиз аҳли, меҳнаткашлари учун гўзал маскан қуриш ташаббусини бердилар. Қолаверса, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига қисқа муддатда, замонавий ва кўркам сиҳатгоҳ қургани, даволаниш имконияти бергани учун миннатдорман.
-Бу ерда дам олиб, саломатлигимизни тиклаяпмиз, -дейди Гулистон туманидаги 30-умумтаълим мактаби директори Ўктам Шербеков. –Маданий тадбирларда фаол иштирок этаяпмиз. “Янгиер” санаторийси раҳбарияти хордиғимиз мароқли ўтиши учун бор имкониятларни ишга солишган. Куни кеча Хўжамушкент мажмуига зиёрат уюштирилди. Очиғи, 23 йиллик фаолиятим давомида дам олиш, даволаниш учун вақт ва имкон топишим қийин бўлган. Бизнинг саломатлигимиз, хордиғимиз учун шахсан президентнинг ташаббус кўрсатгани, имконият бергани қаттиқ таъсир қилди. Кўнглимиз кўтарилиб, ҳамкасблар билан фикр алмашиб эртанги кунда фаолиятни янгича олиб бориш режасини тузаяпмиз.
Йил давомида жами 344 нафар вилоятлик таълим фидойиларини бепул соғломлаштириш режа қилинган. Қувонарлиси, ушба хайрли ташаббус ҳар йили амалга оширилиши белгиланган. Демак, давлатимиз ғамхўрлигидан ҳамма баравар баҳраманд бўлади.
Шаҳринисо ЖУМАЕВА,
Мирзаобод туманидаги 1-умумтаълим
мактаб директори