Click to listen highlighted text!

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ ВА ИНСОН МАНФААТЛАРИ ЙИЛИ: ЭЗГУ ОРЗУ-УМИДЛАРИМИЗ РЎЁБИ, ФАРОВОНЛИГИМИЗ ОМИЛИ

    Маълумки, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди. Яхшилик, эзгу ишлар самараси ҳақида қанча айтсак, шунча оз. Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда кириб келаётган 2017 йилни юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилишни таклиф қилгани, ўзида инсон манфаатларини мужассам этган бу таклиф аҳолимиз томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

     Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида бу борадаги энг долзарб ва устувор вазифаларга тўхталар экан, аввало давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

   Халқ билан мулоқот доирасида ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхоналари”нинг ташкил этилаётгани ҳам мамлакатимиз аҳолиси учун айни муддао бўлди. Бунда асосий мақсад аҳолининг ҳеч бир мурожаати эътиборсиз қолмаслигига қаратилгани, айниқса муҳимдир.

    Барчамизга яхши маълумки, ҳар қандай давлатнинг бойлиги, аввало унинг аҳолиси турмуш даражаси юксаклиги, маънавий савияси билан ўлчанади, қадрланади. Шу нуқтаи назардан инсон манфаатларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши табиий албатта. Бу жабҳада эса ҳар бир фуқаро самарали меҳнати учун мукофотланиши муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, муносиб иш ҳақи, замонавий уй-жойларда яшаш, таълим олиш, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш, маданий ҳордиқ чиқариш, саломатлигини тиклаш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилиши шулар жумласидан.

  Президентимиз маърузасида мамлакатимиз туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, инвестиция сиёсатини кучайтириш, мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпи яшайдиган қишлоқ жойларда ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш билан боғлиқ жиҳатларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

   Маърузада баркамол авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиши ҳақидаги фикр-мулоҳаза, таклиф ва тавсиялар ҳам кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш ва зўр қувонч билан кутиб олинди. Бу жиҳатлар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” дастуридан алоҳида ўрин эгаллаши қайд этилди.

    Бир сўз билан айтганда келаётган йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб ном берилиши замирида халқимиз турмуши фаровонлиги, орзу-умидларимиз, эзгу амалларимиз рўёби зоҳир. Ушбу эзгу амалларни амалга оширишда касаба уюшмаларининг ўзига хоч ўрни ва аҳамияти мавжуд.

    Декабрь ойининг иккинчи ярмида   1400 га яқин корхона, ташкилот ва муассасаларда Президентимизнинг маърузаси  мазмун-моҳияти тарғибот-ташвиқот қилинмоқда. Жумладан, шундай тадбирлар Гулистон пахта таозалаш корхонасида, Боёвут, Сайхунобод, Гулбаҳор  ва Пахтаобод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежларида, Оқолтин туман ҳокимиятида,  “Гулистонэкстрактёғ” МЧЖ да, Марказий банк, Ипотека ва Халқбанкларнинг вилоят филиалларида, вилоятимиз ҳудудида жойлашган барча таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида, ҳарбий қисмларда бўлиб ўтмоқда.

    “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” касаба уюшмалари зиммасига ҳам улкан вазифалар ва масъулият юклайди. Хусусан, кириб келаётган йилда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»  муносабати билан қабул қилинган қонун, фармонлар ва бошқа қонун ости ҳужжатларининг жойларда бажарилишини таъминлаш, , улар ишининг самарадорлиги, уларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилинишида ҳисса қўшиш, бузилган ҳуқуқларини тиклашда яқиндан кўмаклашиш касаба уюшмалари зиммасига юкланган асосий вазифалардир.

    Шунингдек, фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали механизмлари ва усулларини жорий этиш,  шу асосда халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида биз ўз олдимизга доимий равишда  фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, мурожаатларнинг камайишига эришиш мақсадида кўпроқ жойларда сайёр қабул қилиш ишларини олиб боришни вазифасини қўйганмиз.

      2017 йилда бирлашма қошида “юридик маслаҳатхона” фаолиятини янада ривожлантирилади, тажрибали мутахассисларни жалб этган ҳолда  ҳуқуқий масалалар ечими топилади ҳамда ҳуқуқий тарғибот олиб борилади. Бирлашмага мурожаат қилган фуқароларнинг муаммоларини қонуний ҳал этишда кўмаклашиш, мурожаатлар кўп бўлган жойларда  ишчи-ходимлар билан кўпроқ очиқ мулоқотлар ўтказиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида семинар ва давра суҳбатлари ташкил этиш ҳам бизнинг 2017 йилги иш режамиздан ўрин олган.

      Касаба уюшмалари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланувчилар қўллаб-қувватланади. Кичик бизнес корхоналарида ишчиларни расмий меҳнатга жалб этиш бўйича  корхона раҳбарлари, якка тартибдаги тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилади. Тадбиркорлик  фаолияти билан  боғлиқ  қонун  ҳужжатлари, имтиёз  ва  қулайликлар тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилади. Уй меҳнати билан банд бўлган аҳолига оилавий  корхоналар ташкил этишга ва ҳунармандлар уюшмаларига аъзо бўлишга кўмаклашилади. Кичик бизнес соҳасида банд аҳолини  жамоа  шартномаси билан  қамраб олиш, нодавлат сектор  ташкилотларини касаба  уюшма  аъзолигига жалб этишда  самарали тарғибот ишлари  олиб борилади.

      Шу билан бирга, 2017 йил – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»  муносабати билан иш берувчилар билан жамоа шартномалари тузиш орқали  200 нафар пенсия ёшига етган шахсларга пенсияга чиқишдан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш, юбилей саналари муносабати билан 280 нафар ходимларга қимматбаҳо совғалар топшириш иш режамиздан ўрин олган.

   Жамоа шартномалари орқали ёш оилаларни, аёлларни ижтимоий-иқтисодий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда иш берувчилар масъулиятини ошириш, ёш оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш борасида нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган болали 100 нафар аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгилашларини жорий этишга кўмаклашилади.

    Ёш оилаларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва фаровонлигини  яхшилаш, иш берувчиларнинг ёш оилалар  ва хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий ва маънавий қўллаб-қувватлаш учун масъулиятини ошириш борасида ҳам қатор чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, булар – жамоа шартномалари ва келишувлар орқали икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 180 нафар ёш онага моддий ёрдам кўрсатиш, корхоналар ходимларининг 100 нафар фарзандига чет тилларни ўрганишда  моддий кўмаклашишдан иборатдир.

    Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш ва меҳнат жамоаларига кўникма ҳосил қилишларига яқиндан ёрдам бериш, ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида 2017 й «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»  муносабати билан жорий йилда 2120 нафар ёшларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 2000 нафар кам таъминланган оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатиш каби хайрли ишлар амалга оширилади.

    Шу билан биргаликда,  2017 йил давомида вилоятда меҳнат қилаётган ишчи ходимларнинг 1150 нафарини санаторийларда имтиёзли соғломлаштириш(шундан 260 нафари оила аьзолари),  45 нафар ишчига бепул йўлланма бериш ҳам кўзда тутилган.  Жумладан, кам таъминланган, ҳамда олис ва чекка ҳудудларда, мураккаб иқлим шароитида яшаётган ишловчи  аёллардан  10 нафари, тиббиёт ходимларидан – 5 нафари, таълим ходимларидан – 5 нафари, фарзанд кўрмаган ёш оилаларнинг ишлайдиган аъзоларидан 10 нафари, ишлайдиган кексалардан 10 нафари  бепул соғломлаштирилади.

    “Касаба уюшмалари –болаларга!” акцияси доирасида умумтаьлим мактаблари ўқувчиларининг ёзги таътили вақтида тўлақонли ҳордиқ чиқаришлари ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этишлари учун шароит яратилади. Ёз даврида 3 та оромгоҳда ўқувчиларнинг ёзги таьтилини мазмунли ташкил этилади.Ушбу оромгоҳларда  2000 нафар бола имтиёзли йўлланмалар билан, шундан, 300 нафари  кам таъминланган оилалар фарзандлари, «Болалар шаҳарчаси» нинг 80 нафар тарбияланувчилари ҳамда 50 нафар иқтидорли болалар  бепул йўлланмалар билан таъминланади.

      Ходимлар учун самарали меҳнат учун зарур шароитлар яратиш борасида корхона, идора ёки муассасалар, умумтаълим мактаблари,  мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари ходимларининг тиббий кўрикдан ўтиш тадбирлари  назоратга олинади. Хавфли ва зарарли омиллари мавжуд корхона ташкилотларда иш жойларини аттестациядан ўтказишни амалга оширишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали хавфли ва зарарли омиллар камайтирилади.  Йил давомида бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларида маданий-оммавий тадбирлар, шу жумладан, жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари ташкил этилади. Кам таъминланган оилалар аьзолари учун Хива, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Марғилон, Термиз, Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларига сафарлар уюштирилади.

     Жамиятда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат ва бирдамлик вазиятини янада мустаҳкамлаш, миллати, дини ва эьтиқодидан қатьи назар барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар яратиш, маҳалла институти, хотин-қизлар, ёшлар ташкилотлари, фахрийлар ташкилотларининг роли ва аҳамиятини кучайтириш, мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизликни таьминлаш борасида касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўяди:      Корхона, ташкилот ва муассасаларда қуйидаги мавзуларда:  “Маҳаллам –менинг кичик ватаним”, “Огоҳлик-давр талаби”; “Фахрийлар -фахриймиз”; “Ёшлар маънавияти –порлоқ келажак асоси”, “Ўзбекистон кўп миллатли диёр”, “Меҳнат жамоаларида соғлом маънавий муҳитни таъминлашнинг аҳамияти”, “Қўшничилик муносабатларидаги ўзаро меҳр-оқибат – юртимиздаги аҳиллик ва тинчликнинг муҳим шарти” давра суҳбатлари ташкил қилинади. Бу билан мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизликни таьминлашга, миллати, дини ва эьтиқодидан қатьий назар барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар яратилишига ҳисса қўшилади. Миллий – маданий марказлар фаолиятини жонлантириш мақсадида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” мавзуси доирасидаги тадбирлар ва турли миллатлар вакиллари яшайдиган ҳудудларда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашни тарғиб этувчи урф-одатлар, оммавий тадбирларда  мунтазам иштирок этиб борилади.

      Меҳнат жамоаларида «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурининг мақсад ва моҳиятини кенг тарғибот қилиш мақсадида маърузалар ташкил килинади. Албатта, бу чора-тадбирларни амалга ошириш орқали давлатимиз томонидан олиб борилаётган ички сиёсат  қўллаб-қувватланади ва фуқароларимизнинг яшаш шароитларини яхшилаш, улар учун муносиб меҳнат шароитини ташкиллаштирилади.

 

Камолиддин Акбутаев, Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!