ЯНГИЕРДА «СОҒЛОМ ОИЛА» СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИНИНГ ШАҲАР БОСҚИЧИ ЯКУНЛАНДИ
Тармоқлараро бўлиб ўтган мусобақаларда соғлиқни сақлаш ва таълим, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимларидан ташкил топган тўртта жамоа иштирок этди.
Мусобақаларни Янгиер шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби жисмоний тарбия ўқитувчиси Жуман Авезов бошқариб борди. Шуни ҳам айтиш керакки, мусобақаларда иштирок этган ўқитувчи, шифокор ва ҳамшира, маҳалла қўмиталари фаолларининг ёшлари 35-50 ёшни ташкил этди.
– Мен Янгиер шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида илмий бўлим мудири бўлиб ишлайман, дейди спартакиада иштирокчяиларидан бири Ҳабиб Абдуллаев. – Турмуш ўртоғим Насибахон ҳам ўқитувчи бўлиб ишлайдилар. Бекзод бизнинг кенжа ўғлимиз. Биз оиламиз билан ушбу мусобақаларда иштирок этиш учун бир ҳафтадан буён спорт билан шуғулланяпмиз. Ҳар куни эрталаблари оилавий югуряпмиз, чаққонлик машқларини бажаряпмиз. Мактабда бўлиб ўтган мусобақаларда 4та оила қатнашди. Аммо, бизга омад кулиб боқди. Энди тармоқлараро ўтаётган мусобақада иштирок этяпмиз. Агар аҳил ва иноқлигимизни яна бир бор исботлаб, енгиб чиқсак, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритамиз.
Аммо, мусобақалар бошида ҳар иккала оилавий жамоаларда(қиз фарзандли ва ўғил фарзандли) ҳам Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмалари енгиб чиқишига ишониб турганлар озроқ янглишдилар. Соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари Янгиер шаҳар касаба уюшмасидан иштирок этган Ёқубжон Хатамбоевлар оиласи қизлари Фарангиз билан биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлишган бўлса, ўғилли оилалардан Таълим, фан ва маданият Баходир Рахмоновлар оиласига омад кулиб боқди. Эндиликда ғолибларни «Соғлом оила» спорт мусобақаларининг вилоят босқичи кутмоқда, бу ерда туман ва шаҳарлардан келган 30 дан ошиқ ҳаваскор спортчи оилалар ўз куч ва чаққонликларини синовдан ўтказадилар.
– Айтиш жоизки, касаба уюшмалари томонидан ташкил этаётган бундай спартакиадалар кундан кунга оммалашиб бормоқда, йил сайин тадбирларимизга иштирок этишни ҳоҳловчилар сони кўпаймоқда, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Янгиер шаҳар кенгаши раиси Улуғбек Алланазаров. – Биз бугунги мусобақа ғолиб ва иштирокчиларини айнан меҳнат жамоаларида тақдирлаш маросими ўтказиб, совғалар топширишни режалаштирдик. Мақсад-илғорликка интилган, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаган ҳар бир оила эътиборимизда эканини бошқаларга билдириш ва ушбу эзгу ҳаракатларни кенг ёишдан иборатдир.