Click to listen highlighted text!

ЮРТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 25 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНДИ

          Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб жойларда “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. 
          Яқинда шундай тадбирлардан бири “Гулистон нефтбазаси” давлат унитар корхонаси меҳнат жамоасида бўлиб ўтди. Унда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси меҳнатни муҳофаза қилиш  бўлими мудири Бозорбой Исматов, юридик бўлими етакчи юрист-консульти Санжар Тоғаев ҳамда маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими етакчи мутахассиси Зебо Ҳайдаровалар иштирок этдилар.
          Тадбирда сўзга чиққан маърузачилар томонидан  Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимизнинг мустақилликни қўлга киритиши Ватанимизнинг кўп асрлик шонли тарихида мутлақо янги давлат, янги жамият барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий воқеа бўлгани таъкидланди.
          Ўтган 25 йил давомида халқимиз Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига эришиш йўлида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширди, улкан марра ва ютуқларни қўлга киритди. Бугун дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб ном олган миллий стратегиямиз давлатимиз раҳбари томонидан пухта ишлаб чиқилгани, миллий манфаатларимизга тўла жавоб беришини ҳаётнинг ўзи исботлаб бермоқда.

          Шу билан бирга ишчи-ходимларга қонунчиликдаги янгиликлар, Меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги ҳамда Жисмоний ва юридик шахслар мурожаати тўғрисидаги Қонунларнинг мазмун-моҳияти, Меҳнат кодекси, юртимизда одам савдосига қарши олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, бу борада қабул қилинган Қонун ва қонуности ҳужжатлари тўғрисида кенг маълумотлар берилди. Тадбирда  шунингдек, вилоят ИИБ ДАН вакили ҳам иштирок этиб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига киритилган ўзгартишлар ҳақида гапириб берди.

          Тадбир иштирокчиларига юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги учун барчамиз огоҳ бўлмоғимиз, сиёсий ва ҳуқуқий билимларимиз устида ишлашимиз лозимлиги  уқтирилди.
          – Энг улуғ, энг азиз айёмимиз олдидан ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этмоқдамиз, – деди  маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими масъул ходими Зебо Ҳайдарова. – Бундай тарғибот тадбирлари кишилар онги ва дунёқарашини юксалтиришга, маънавиятини бойитишга, фаол фуқаролик позициясини, жамиятда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий воқеликка нисбатан оқилона ва тўғри муносабатини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
 

 ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!