Click to listen highlighted text!

Сизсизликка кўникмасин фарзандларингиз

Мусофирчиликнинг тўрли кўринишлари ва шартлари ҳақида муфассир олимларимиз кўп ва хўб ёзган. Уларнинг асарлари билан ҳам вақти билан таништириб борамиз. Ҳозирги мақоламизда эса муҳожирликнинг, замонавий ифодада айтганда, мигрантлик ёки гастарбайтерликнинг инсоннинг руҳиятига қанчалик таъсир кўрсатишига биргина мисол келтирмоқчимиз.
Қўлида дипломи бор, кўп йиллар шифохонада ишлаган врач аёл озгина пул топайлик, уйимизнинг кам-кўстини бутлайлик, болаларни ўқитайлик, тўйлар қилайлик деган ниятда Уммон Орти давлатига ишлагани кетибди. У ерда бир инсофли оилага учраб қолибди. Кекса кампирга қарай бошлабди. Хонадон эгалари унга чиройли муомала қилар, яхшигина ойлик маош ҳам тўлар экан. Кўп йил ишлабди. Бу ердан ният қилиб чиққанларининг деярли ҳаммасини ҳал қилишга ўша ёқда ишлаган дастмояси асқатибди.
Ниҳоят энг кенжа қизини чиқарадиган бўлишибди. Уйнинг эгаларидан рухсат олиб йўлга шайланибди. Кейин яна бунча жойга бориб-келишга озгина пул керакми, яхшиси, яна бир йил сабр қилсам, биратўла кета қоламан, деб ўйлабди. Йўлларига кўз тикиб ўтирган фарзандларига қўнғироқ қилиб шу қарорини айтибди. Ҳамманинг ҳафсаласи пир бўлибди. Лекин тўйни тўхтатиб бўлмайди-ку!
Хулласи калом, яна бир йил ишлаб энди қайтмоқчиман деб қўнғироқ қилса, эри ҳам, болалари ҳам ишингиз яхши бўлса, ишлайверганингиз маъқулми, яна бундай яхши хонадон топиладими, йўқми, деётган эмиш…
Бу гапларни эшитиб унинг бошидан совуқ сув қўйгандек бўлибди. Мусофирчиликда ўтган йиллари кўз ўнгида бирма-бир ўтаверибди. Деярли ҳар куни боғланиб “Сизни соғиндик, ойижон”, “Қачон қайтасиз, ойижон” дея мўлтираган фарзандлари наҳотки усиз яшашга ўрганиб қолган бўлса! Унинг ўзи-чи? Ўзи эрисиз, фарзандларисиз яшашга кўникмадими?.. Қайтиб борганда уларга эл бўлиб кетармикан!

Дамин ЖУМАҚУЛ

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!